Тошкентда анъанавий медиакунлар бўлиб ўтмоқда

Дата: 15:31, 29-04-2016.

Тошкент. 29 апрел. ЎзТАГ – 25 апрелдан 11 майгача Тошкентда Бутунжаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан медиакунлар бўлиб ўтмоқда , деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Уни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Мустақил босма ОАВ ва ААни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди, ФЖШМҚМИ, ЕХҲТ лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координатори, К.Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий вакили ҳамда ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан илгари сурилган.

Ташкилий қўмитадан маълум қилишларича, лойиҳа тадбирлари орасида турли дастурлар, 100дан ортиқ халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳамда меҳмонлар нодавлат телерадиостанциялар вакиллари қатнашадиган 10 нафар хорижлик мутахассислар иштирокидаги 6 та семинар-тренинг ва маҳорат дарслари бор.

Уларда Людовик Пето ва Региз Гезелбаш (Франция), Рене Фалкнер (Германия), Гитис Иодпусис (Литва), Андрей Зыбкин (Россия), Алфия Харченко (Ўзбекистон) каби тренерлар медиа маҳсулотларни тайёрлаш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашади.

Шунингдек тадбир давомида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига бағишланган нодавлат телерадиоузатувчиларнинг 7 та ижтимоий лойиҳаси тақдимоти ўтказилиши режалаштирилган.

2-3 май кунлари пойтахтда Бутунжаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланган  ишчи учрашувлар, давра суҳбатлари, тақдимот ва фестивалларни ўзида жамлаган анъанавий медиа кунлар бўлиб ўтади. Маълумки ушбу кун БМТ қарорига мувофиқ ҳар йили 3 майда нишонланади.

Лойиҳанинг энг асосий воқеаси “ОАВ жамоатчилик билан мулоқотни ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг муҳим омили сифатида” мавзуидаги халқаро конференция бўлади.

Унинг якунлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунини амалга татбиқ этишда ОАВинг ролини янада кучайтириш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: