Тошкентда Анна Ахматова музейи бекасининг 85-ёшлиги нишонланди

Дата: 16:45, 28-07-2015.

Тошкент. 28 июл. ЎзТАГ – Россия Фан ва маданият марказида (РФММ) Анна Ахматованинг “Мангалли саройча” клуб-музейи бекаси, жамоат арбоби Альбина Маркевичнинг 85-ёшлигига бағишланган юбилей кечаси бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

РФММ хабар қилишларича, ушбу аёл бир вақтнинг ўзида педагог, адабиётчи ва театршунос вазифаларини маҳорат билан бажариб келмоқда. Маркевич Тошкентдаги Сергей Есенин музеини яратиш ишларига бош-қош бўлган. Унинг самарали фаолияти Россия Федерациясининг давлат мукофоти – А.С.Пушкин медали билан тақдирланган.

Юбилей кечасини очар экан РФММ раҳбари Виктор Шулика Альбина Маркевич номига Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Владимир Тюрденев йўллаган табрикни ўқиб берди.

Шунингдек, Альбина Маркевич шоир, кўплаб шеърий тўпламлар муаллифи ҳамдир. Бундан ташқари, заҳматкаш аёл ҳозирга қадар музей альманахлари, ёш шоирларнинг шеърий тўпламларини таҳрир қилиб, нашрга тайёрлайди, “Звезда Востока” журнали билан ҳамкорлик қилади.

“Севгим сизга ёғду сочсин” номли юбилей кечаси нафақат ушбу сана, балки икки томдан иборат шеърий ва насрий тўплами тақдимотига ҳам бағишланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: