Тошкентда апрелда ўтказиладиган “Дам олиш дунёси” кўргазмасида вилоятларнинг сайёҳлик салоҳияти тақдим этилади
Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Тошкентда апрелда ўтказиладиган “Дам олиш дунёси” кўргазмасида вилоятларнинг сайёҳлик салоҳияти тақдим этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 12 вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасининг стендлари вилоятларнинг маданий, табиий, ҳунарманчилик, пазандалик ва фольклор бойликларини намойиш қилади.
Миллий павильондаги энг йирик стенд Қашқадарё вилоятиники бўлади. Маълумки, 2015-2016 йилларда Қарши ва Шахрисабзда шаҳар қиёфасини ўзгартирган кенг кўламли реконструкция ишлари ўтказилди.
Жорий йилда кўргазманинг ҳамкори Андижон вилояти бўлади. Унинг стендида вилоят миллий таомлари тақдимоти ўтказилади.
Эслатиб ўтамизки, V “Дам олиш дунёси” халқаро кўргазмаси Тошкентда 13 ва 14 апрел кунлари бўлиб ўтади.