Тошкентда археологик топилмалар кўргазмаси очилди
Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ – Яқинда Тошкентдаги Икуо Хираяма номидаги Халқаро маданият карвон саройида (ХМКС) Тошкент вилоятидаги Канка шаҳарчасидан қазиб олинган таъмирланган археологик топилмалар кўргазмаси очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Карвон саройдан маълум қилишларича, бу ерда таъмирлаш ишлари босқичларини акс эттирувчи фото-экспозиция ҳам мавжуд.
Экспозицияда ўрта асрларга мансуб лаганлар, кўзалар, чироқлар ва Канка косалари каби буюмлар бор. Бу ишлар ХМКС таъмирловчи рассоми Наргиза Қаландаровага таалуқли.
У бир йил давомида К. Беҳзод номидаги Санъат ва дизайн институтининг 1-курс талаба таъмирловчилари билан амалий машғулотлар ўтказган. Вернисаж 10 июнгача давом этади.