Тошкентда Архитектура-қурилиш институтининг проректори қўлга олинди

Дата: 16:26, 08-08-2017.

Тошкент. 8 август. ЎзТАГ – МХХ оператив ходимлари Архитектура-қурилиш институтига (ТАҚИ) ноқонуний киритиш эвазига пул олиш билан шуғулланган гуруҳи қўлга олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳаммаси ушбу ОТМнинг 2 курс талабаси Шовкат Рузматовни абитуриентдан ТАҚИга ўқишга киритишда кўмак эвазига $5 минг олаётган пайтида ашёвий далиллар билан бирга қўлга олишдан бошланди.

 “Терговда пулларнинг бир қисми 4 курс талабаси Мирсодиқ Мирҳамидов, вақтинчалик ишсиз Мансур Муродов, ТАҚИ меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Алишер Сангировлар кирган гуруҳ орасида бўлиниши аниқланди”, - дея таъкидланади куч тизими хабарида.

Бундан ташқари, Сангировни қўлга олиш пайтида унинг автомобилида ТАҚИнинг молия-хўжалик масалалари бўйича проректори Бахтиёр Болибеков ҳам ҳозир бўлган. Терговда айнан Болибеков гуруҳ мувофиқлаштирувчиси экани маълум бўлди.

Рузматов, Мирҳамидов, Сангиров ва Муродовга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноий кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 211 (Пора бериш) моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилди. Болибековга нисбатан 168 (Фирибгарлик) моддаси бўйича жиноий иш очиш режалаштирилмоқда.

Ҳозирда Сангиров, Муродов ва Болибековлар ЖПК 224 моддасига мувофиқ хибсга олинган. Гуруҳнинг бошқа жиноий ишларини аниқлаш бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: