Тошкентда автомобиль олиб қочишда гумон қилинган шахс қўлга олинди
Тошкент. 27 июн. ЎзТАГ – Тошкентда автомобиль олиб қочишда гумон қилинган киши кўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) республика ИИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ИИБ навбатчилик қисмига Учтепа туманида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг “Каптива” русумли автомобили номаълум шахс томонидан олиб қочиб кетилгани ҳақида хабар қилган. Воқеа жойига этиб келган ички ишлар органлари ходимлари томонидан аниқланишича, ариза муаллифи автомашинасини А.Қаҳҳор кўчасида жойлашган автомашиналар ювиш шахобчасида қаровсиз қолдирганлиги оқибатида олиб қочиб кетилганлиги маълум бўлди”, - дейилади душанба куни эълон қилинган хабарда.
Таъкидланишича, тезкорлик билан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида олиб қочилган автомашина Нукус кўчасида тўхтатилди.
“Жиноятни содир этишда гумонланувчи шахс Жиззах вилояти Бахмал туманида яшовчи 24-ёшли фуқаро бўлиб чиқди”, деб хулоса қилинади хабарда.
Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


