Тошкентда “Автомобиллар учун бутловчи қисмлар локализацияси” номли кўргазма-конференция бўлиб ўтади

Дата: 10:10, 19-10-2015.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – 27 октябр-2 ноябрда Тошкентда “Ўзавтосаноат” АК автомобиллари учун бутловчи қисмлар локализацияси” номли ихтисослашган кўргазма-конференция бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад юртимиздаги тадбиркорларнинг ҳамда тадбирга катта қизиқиш билдирган бошқа соҳалардаги корхона ва компаниялар вакилларининг кенг доирасини автомобилсозлик тармоғидаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш жараёнига, шунингдек, тармоқлараро кооперация ва мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатишга жалб қилишдан иборат”, - деб таъкидлашди “Ўзавтосаноат” АК матбуот хизматида.

Кўргазма экспозицияси иштирокчилар эътиборига автомобиллар учун мўлжалланган кенг турдаги бутловчи қисмларни намойиш этади.

Конференцияда иштирок этиш иштирокчиларга “GM Узбекистан” АЖ, “СамАвто” МЧЖ, “JV MAN Auto-Uzbekistan” МЧЖ қўшма корхонаси, “General Motors Powertrain Uzbekistan” АЖ ва автомобиллар ҳамда бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи бошқа йирик компанияларнинг шартлари ва талабларини ўрганиш, уларнинг йирик етказиб берувчиларига айланиш имкониятини беради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: