Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтади

Дата: 16:26, 08-05-2015.

Тошкент. 8 май. ЎзТАГ – 20-25 май кунлари Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогининг босқичи бўлиб ўтади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Гимнастика Федерациясидан маълум қилишларича, жорий йилда мусобақалар олтинчи марта ўтказилади. Ҳозирча дунёнинг 20 мамлакатларидан аризалар олинди. 100 атрофида гимнастикачи қизлар биринчилик учун беллашадилар. Улар орасида Яна Кудрявцева (Россия), Маргарита Мамун (Россия), Александра Солдатова (Россия), Станюта Мелитина (Беларусь), Мария Матева (Болгария), Наталия Гарсия (Испания), Нета Ривкин (Исроил), Сакура Хаякава (Япония), Сон Юн Жи (Корея Республикаси) каби жаҳон гимнастикаси юлдузлари бор.

Ўзбек термасини гуруҳ машқларида Луиза Ғаниева, Марта Ростобурова, Зарина Қурбонова, Валерия Давидова ва Самира Амировалар, яккалик мусобақаларида эса Жаҳон Кубоги совриндори Елизавета Назаренкова ва Осиё ўйинлари чемпионлари Анастасия Сердюкова ҳамда Равиля Фархутдинова, II ўсмирлар Олимпиа ўйинлари қатнашчиси Анора Давлятова, Осиё чемпиони Жасмин Юсупова ва Нилуфар Шомурадовалар тақдим этадилар.

Бундан ташқари, Жаҳон кубоги босқичи доирасида ёш истеъдодлар ўртасида анъанавий “Happy Caravan” халқаро турнири ҳам ўтказилади. Унда Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Малайзия, Молдова, Россия, Ўзбекистон, Эстония, Япониядан вакиллар иштирок этадилар.

Ушбу турнирда қатнашувчи ўзбек спорчиларининг якуний таркиби бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон чемпионати якунларидан кейин маълум бўлади. Чемпионат 4-9 майда Тошкентда бўлиб ўтмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: