Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan” халқаро турнири ўтказилади

Дата: 21:09, 16-05-2014.

Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – Жорий йилнинг 20-25 май кунлари Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan” халқаро турнири ўтказилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Миллий Олимпиа қўмитаси матбуот хизматига асосланган холда.
Халқаро Гимнастика федерацияси (FIG) шафелигида ўтказиладиган Жаҳон кубоги баҳсларида Ўзбекистон, Хитой, Ж.Корея, АҚШ, Чехия, ЖАР, Малайзия, Мексика, Россия, Озарбойжон, Арманистон, Беларус, Вьетнам, Исроил, Ҳиндистон, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия ва Япониядан келган жами 79 нафар спортчи ғолиблик учун кураш олиб боради.
Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон кубоги босқичида жамоавий машқларда иштирок этади. Хусусан, Жамила Рахматова ва Елизавета Назаренкова эса шахсий ҳисобда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладилар. Бундан ташқари яна тўрт нафар гимнастикачимиз конкурсдан ташқари мусобақада иштирок этади.
Ўз навбатида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Happy Caravan” халқаро турнирида Ўзбекистон, Хитой, АҚШ, Россия, Чехия, Латвия, Озарбойжон ва Қозоғистон давлатидан келган 40 нафардан зиёд спортчи ғолиблик учун кураш олиб боради.
Мазкур мусобақанинг жамоавий машқларида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари иштирок этсалар, шахсий ҳисобда Анора Давлатова, Нилуфар Шомуродова ва Жасмин Юсупова Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладилар, деб хабар қилади Ўзбекистон Миллий олимпиа қўмитаси матбуот хизмати.

Янгилик билан ўртоқлашиш: