Тошкентда беларус-ўзбек қўшма университети очилади

Дата: 15:46, 21-11-2019.

Тошкент. 21 ноябрь. ЎзТАГ – Тошкентда беларус-ўзбек қўшма университети очилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Президентнинг "Тошкент шаҳрида амалий техник малака ошириш қўшма беларус-ўзбек тармоқлараро институтини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида амалий техник малакаларнинг қўшма беларус-ўзбек тармоқлараро институти ташкил этилди", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Институтнинг асосий вазифалари қаторида республика саноат тармоқларининг энг муҳим илмий ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал этишга қодир бўлган халқаро таълим стандартларига мувофиқ юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш ҳисобланади.

Институт юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклида Ўзбекистон резиденти бўлган олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Таъкидланганидек, институтда ўқитиш рус тилида тегишли тартибда тасдиқланган таълим дастурлари бўйича амалга оширилади, институтнинг таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.

Шунингдек, институт битирувчиларига таълимдан сўнг Беларус миллий техника университетининг белгиланган намунасидаги олий маълумот тўғрисидаги диплом берилади ва у Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этилади.

Давлат грантлари асосида таҳсил олган институт битирувчилари Ўзбекистон таълим муассасалари ва ташкилотларида камида уч йил ишлаш шарти билан ишга тақсимланиши лозим.

Сурат манбаи: sb.by

Янгилик билан ўртоқлашиш: