Тошкентда биринчи махсус туристик автобуслар қатнови йўлга қўйилади

Дата: 15:22, 05-01-2015.

Тошкент. 5 январ. ЎзТАГ – Тошкентда биринчи махсус туристик автобуслар қатнови йўлга қўйилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Газета.uz” нашри маълумотларига кўра, биринчи икки қаватли экскурсион автобуслар Тошкентда 17 январ эрталабдан бошлаб йўлга чиқади.

“17 январдан бошлаб Тошкентда биринчи икки қаватли экскурсион автобуслар юра бошлайди”, - деди “Газета.uz”га Aznur Travel компанияси (даблдекерлар эгаси) директори Улуғбек Нурматов.

“Tashkent city tour” ёзувли ва ўзбекистон туристик рамзи туширилган икки автобус зарур рухсат ва келишувларни олганидан бошлаб йўлга чиқишга тайёр ҳолда турибди.

Автобуслар пойтахт марказидаги “Ўзбекистон” моҳмонхонасидан соат 9:00, 10:00, 12:00, 13:00, 15:00 ва 16:00ларда қатнайди.

34 кмлик маршрутда юриш давомийлиги 2,5 соатни ташкил қилади. Бунда  Тошкентнинг 8 жойидаги тарихий-меъморий обидалар олдида 10-20 минутдан тўхталади.

“Баҳорда навбатдаги автобуслар келганидан кейин график қайта кўриб чиқилади”, – деди Улуғбек Нурматов.

Чиптанинг нархи болалар учун 15 минг сўм, катталар учун 25 минг сўм, хорижий сайёҳлар учун эса Марказий банк курси бўйича $20ни ташкил этади.

Чипта кун бўйи амал қилади, яъни йўловчилар исталган бекатда кўпроқ қолиб, йўлларини кун давомидаги кейинги автобуслардан бирида давом эттиришлари мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамизки, декабр ўртасида Тошкентга хитойнинг Higer компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иккита икки қаватли экскурсион автобуслар келтирилган эди.

Aznur Travelнинг якуний мақсади даблдекерлар сонини 15тага, маршрутлар сонини эса учтагача етказишдир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: