Тошкентда биринчи ўзбек-корейс иқтисодий мажлиси бўлиб ўтди

Дата: 13:53, 14-02-2018.

Тошкент. 14 феврал. ЎзТАГ – Тошкентда иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея биринчи қўшма мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ва Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён мажлис ҳамраислари бўлдилар.

Корея делегацияси таркибига 60 киши кирган бўлиб, улар орасида Жанубий Кореянинг ташқи савдо, сармоя, банк-молия, ёқилғи-энергетика вазирликлари кирди.

“Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий хорижий ҳамкорларидан бири, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодиётни модернизация қилиш ва таркибий ўзгартириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортни оширишга йўналтирилган кенг кўламли дастурларнинг сармоядори ва иштирокчиси ҳисобланади”, - деди мажлисни оча туриб А. Арипов.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг 70 дан ортиқ компанияси ваколатхоналари бор. Иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида Корея инвестицияси иштирокидаги 500 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, уларнинг маҳсулот ҳажми 5 миллиард АҚШ долларидан ошган.

У ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми $1,36 млрдни ташкил этганини таъкидлаб ўтди, бу эса 2016 йилга нисбатан 27% кўпдир. Ўзбек томони фикрига кўра, бу кўрсаткични ҳали ошириш мумкин.

“Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган корейс инвестициялари ҳажми $5 млрддан ошди. Корея инвестицияларини иштирокида Ўзбекистонда автомобилсозлик, электр энергетикаси, нефть-газ, электротехника, тўқимачилик саноати, ахборот технологиялари, телекоммуникация ва бошқа соҳалар бўйича кенг кўламли инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Яқинда Ўзбекистон Президентининг фармони билан Корея Республикаси фуқаролари учун виза бекор қилинди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, - дея таъкидлади Ўзбекистон бош вазири.

Корея Республикаси ва Ўзбекистоннинг кўп кўламли йўналишлар бўйича ҳамкорлик муносбатлари кенгайиб бораётганлигини ўзининг кириш сўзида йиғилишнинг корейс томонидан ҳамраиси Ким Донг Ён ҳам таъкидлаб ўтди.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Корея Республикаси ҳукумати ўртасида қабул қилинган Иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси кредитлари тўғрисидаги шартнома доирасидаги 2018-2020 йилларга мўлжалланган лойиҳаларни амалга оширишнинг боришини кўриб чиқдилар. Дастур ҳажми $500 млнга тенг.

Анжуманда Тошкент шаҳрида кўптармоқли тиббий марказ ва болалар тиббий марказини яратиш, Корея Республикаси илғор технологиялар институти (KIAT) билан ҳамкорликда Ўқув-амалий тўқимачилик технопарки ва Ўзбекистон – Корея бизнес-маркази ташкил этиш, Корея маданияти ва санъати уйини очиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Сурат манбаи: http://www.uza.uz/ru/business/uzbeksko-koreyskiy-biznes-dialog-12-02-2018

Янгилик билан ўртоқлашиш: