Тошкентда БМТ Аҳолишунослик жамғармаси глобал маърузаси тақдим қилинди
Тошкент. 23 декабр. ЎзТАГ – Тошкентда БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) глобал маърузаси тақдим қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан маълум қилишларича, жаҳон аҳолишунослиги ҳақидаги ҳисобот ташкилотнинг 10 йилдан буён чоп этилаётган асосий нашрларидан биридир.
“Бўрондан ҳимоя: инқирозга мойил хотин-қизлар манфаати йўлидаги ислоҳотлар дастури” номини олган бу йилги маъруза табиат офатлари ва бошқа фавқулотдаги вазиятларда аёллар ва ўспирин қизларнинг алоҳида ҳимояга муҳтожлиги масалаларига бағишланган.
ЮНФПАнинг ижрочи директори Бабатунде Осотимехиннинг сўзларига кўра, “хотин-қизлар саломатлиги ва ҳуқуқларининг ҳимояси фавқулотдаги вазиятлар билан боғлиқ бошқа масалалар ортида қолиб кетмаслиги зарур. Янги ҳаёт дунёга келишини кутаётган ҳомиладор аёл ёки гендер тенгсизлигидан ҳимояга муҳтож қиз учун репродуктив саломатлик соҳасидаги хизматлар сув, озиқ-овқат ва бошпана билан бир қаторда жуда муҳимдир”.
ЮНФПА маърузасининг маълумотларига кўра, хозирги кунда инқироз сабабли ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган одамлар сони иккинчи жаҳон урушидан кейинги давр мобайнида энг юқори нуқтага етди ва 59,5 млн кишини ташкил этди. Бугунги кунда 5 онадан 3 нафарининг вафоти гуманитар кризислар, масалан қочоқлар лагерида рўй бермоқда.
Ҳаёт учун ўта зарур бўлган соғлиқни сақлаш тизимлари вақтинча ишламаган вазиятларда аёлларнинг репродуктив саломатлик ва соғлом бола туғиш соҳасидаги асосий эҳтиёжлари энг муҳим масалалар қаторига киради, аммо афсуски бу эҳтиёжлар камдан-кам ҳолларда қондирилади.
ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги вакили Миеко Ябута хонимнинг қайд этишича, Аҳолишунослик жамғармаси ўз ҳисоботида гуманитар ёрдам соҳасидаги ислоҳотларга, ҳусусан, мувозанатли ҳаракат қилиш, барқарор тикланишни таъминловчи дастурларни тайёрлаб амалга оширишга ўтишга чақиради.
ЮНФПА аёлларнинг туғруқ жараёни ҳар қандай шароитда ҳам хавфсиз кечишини таъминлаш йўлида фаолият кўрсатиб келмоқда. Сўнгги йиллар давомида жамғарма таназзулдан жабр кўрган 35 миллион аёл ва қизлар учун 38 мамлакатда ҳаётий муҳим хизматларни кўрсатди.
Ўзбекистонда Аҳолишунослик жамғармаси БМТнинг бошқа агентликлари ва халқаро ташкилотлар қаторида репродуктив саломатлик соҳасидаги хизматлар фавқулотдаги вазиятларга тайёргарлик дастурларининг ажралмас қисми бўлишини таъминлашда етакчи ўрин эгалламоқда. Мазкур ҳудудда ер қимирлаш эҳтимоли юқори бўлганлиги сабабли халқаро ва давлат ташкилотларининг тезкор ва самарали харакатларни таъминлашда яқиндан ҳамкорлик қилиши алоҳида аҳамиятга эгадир.


