Тошкентда “Болалар – болаларга” лойиҳаси доирасида концерт бўлиб ўтади

Дата: 16:35, 13-10-2017.

Тошкент. 13 октябр. ЎзТАГ – 16 октябр куни Тошкентда “Болалар – болаларга” лойиҳаси доирасида анъанавий хайрия концерт бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Успенский номидаги республика ихтисослашган мусиқа лицейининг Катта зали саҳнасида лицей талабаларининг бу ўқув йилидаги биринчи концерт дастури тақдим этилади. Унда билим юртининг Доирачилар ансамбли (Г. Муҳамаджонов раҳбарлигида) ва Скрипкачилар ансамбли (Д. Маҳкамова раҳбарлигида), шунингдек, Халқ чолғу ансамбллари (Д. Аҳмедова раҳбарлигида) чиқиш қилади.

Шунингдек, халқаро танловлар ғолиблари бўлган Фортепиано квартети (С. Жумаев раҳбарлигида), Жаз-квартет (А.Алибекова раҳбарлигида), лицей Биг-бэнди (В. Яковлев раҳбарлигида) ўз санъатини намойиш қилади. Успенский номидаги лицей ўқувчилари орасида республика ва халқаро конкурслар лауреатлари бор.

Эслатиб ўтамизки, “Болалар – болаларга” лойиҳаси доирасидаги илк концерт 2005 йил 5 май куни ўтказилган эди. Ўшанда саҳнага билим юртининг Ёшлар симфоник оркестри чиққан эди.

2012 йил сентябридан бошлаб концертлар доимий ўтказиладиган бўлди. Ҳар бир концерт – ноёб дастур бўлиб, саҳнада мумтоз мусиқа, жаз, камер ва симфоник мусиқа янграйди.

Чипталар сотувидан тушган барча маблағлар Ўзбекистон Гематология илмий текшириш институтида даволанаётган болалар учун қимматбаҳо дори воситалари харид қилишга йўналтирилади. Дойиҳа давомида жами 26 млн сўмдан ортиқ маблағ йиғилиб, 80дан зиёд ампула дорилари сотиб олинди, шунингдек, бошқа ёрдамлар ҳам кўрсатилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: