Тошкентда “Болалик синовлари” фильмининг премьераси бўлиб ўтади

Дата: 17:09, 26-05-2015.

Тошкент. 26 май. ЎзТАГ – Бугун кечқурун Тошкентда ўтган йил охирида “Ўзбеккино” миллий агентлиги (МА) бадиий кенгаши томонидан қайта ишлашга жўнатилган “Болалик синовлари” бадий фильмининг премьераси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бадиий фильмнинг янги версияси намойиши илк маротаба Алишер Навоий номидаги Санъат саройида бўлиб ўтади. Картина режиссёр Ҳамидулла Ҳасанов томонидан Махмуд Тўйчиев ва Сайёра Холмирзаеваларнинг сценарийси асосида олинган.

“Бадиий фильм “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган бўлиб, картинага Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг бир неча ҳикоялари асос қилиб олинган. Фильмда ўсмирларнинг ҳаёти, орзу ҳаваслари, қалб кечинмалари ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, фильмда шахс ички гўзаллиги масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган”, – деб таъкилашди “Ўзбеккино” МА матбуот хизматида.

Эслатиб ўтамизки, 2014 йилнинг ноябрида “Ўзбеккино” бадиий кенгаши аъзолари фильмнинг бирламчи вариантида қатор камчиликларни кўрсатиб, уларни қайта монтаж ва овоз бериш чоғида бартараф қилишни тавсия қилган эдилар. Хусусан, улар овоз беришда ёзувчининг ўзига хос услуби ва тилини сақлаб қолишга эътибор қаратган эдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: