Тошкентда Болгария таълим маркази ишлай бошлайди

Дата: 15:49, 28-05-2018.

Тошкент. 28 май. ЎзТАГ – 2018 йилда Болгариянинг “Европа таълими маркази” Ўзбекистонда Европа стандартининг таълим бирликларини фаоллаштириш ва жорий этиш учун Тошкентда ўз филиалини очмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

23 май куни Давлат туризм қўмитасининг ўқув марказида “Европа таълим маркази” президенти Тошко Крастев (Болгария) билан учрашув бўлиб ўтди.

Музокараларда маъмурий ходимлар ва туристик бизнес вакиллари учун тренинглар ўтказиш, “Туризм ва меҳмондўстлик” йўналиши бўйича Европа MBA дастурини жорий этиш, Европа дастурида докторантура бўйича соҳа учун янги йўналишни очиш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат туризм қўмитаси маълумотларига кўра, шунингдек, томонлар қиш ва ёз ойларида ихтисослашган ўқув юртлари ва тармоқ ходимлари талабалари учун Болгарияда амалиётлар ташкил этиш тўғрисида келишиб олдилар. Ҳамкорлик лойиҳаси 2018 йил сентябр ойида бошланади.

Эслатиб ўтамизки, “Европа таълим маркази” 2017 йилда Болгария Республикасининг София шаҳрида 2008 йилда ташкил этилган Европа таълим институти негизида рўйхатга олинган. Унинг асосий йўналишлари – таълим дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув ва малака ошириш курслари, инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда турли таълим йўналишлари бўйича конференциялар ва симпозиумларни ташкил этиш ҳисобланади.

Сурат манбаи: http://www.vsluh.ru/news/society/329174

Янгилик билан ўртоқлашиш: