Тошкентда “Дўстлик боғи” яратилади
Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган учрашувдаги нутқ сўзлай туриб, Тошкентда “Дўстлик боғи” яратишни таклиф қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Давлат раҳбари “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамиятига тегишли бўлган Бобур кўчасидаги бинони Республика байналмилал маданият марказига беришни ва уни Дўстлик саройи деб номлашни, шу бинонинг ёнида жойлашган боғни “Дўстлик боғи” деб номлашни таклиф этди.
“Биз мазкур бинони реконструкция қилиш ва унинг атрофини ободонлаштиришни кўзда тутадиган тегишли ҳукумат қарорини қабул қиламиз”, - деб таъкидлади Ўзбекистон Президенти.
Ш.Мирзиёев шу муносабат билан бош вазир Абдулла Ариповга тегишли идоралар билан биргаликда, бир ой муддатда мазкур боғ ҳудудида Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча элу элат вакилларининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари ва пазандачилик анъаналарини намойиш этиши учун павильонлар барпо қилиш лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди.