Тошкентда дарахтларни кесишнинг янги тартиби жорий этилмоқда

Дата: 16:12, 15-08-2017.

Тошкент. 15 август. ЎзТАГ – Тошкентда дарахтларни кесишнинг янги тартиби жорий этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Эндиликда шаҳарда дарахт ва буталарни кесишга рухсатнома Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш минтақавий инспекцияси томонидан расмийлаштирилади”, - деб таъкидлашди Давлат экология қўмитаси матбуот хизматида.

Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари раҳбарлик қиладиган Ишчи гуруҳ таркибига Биоинспекция ходимлари киради.

Туман ҳокимликлари ёки “Бир ойна” марказлари бўйича қабул қилинган дарахт кесиш аризалари бир кун ичида Минтақавий инспекцияга йўналтирилади. Инспекция воқеа жойига бориб дарахтларнинг аҳволини ўрганади ва шу асосда ўрганиш ҳужжатлари, схемалар, фотоматериалларни тайёрлаб, хулоса беради - барча ҳужжатлар беш ишчи куни давомида Ишчи гуруҳга тасдиқ учун тақдим этиши зарур бўлади.

Ишчи гуруҳ томонидан синчиклаб кўриб чиқилган хулосалар протокол қарори билан тасдиқланади. Тайёрланган хулосалар асоссиз деб топилган тақдирда, улар бекор қилинади ёки янги қўшимча текширув учун Минтақавий инспекцияга қайтарилади.

Тасдиқланган хулосалар бир кун ичида Тошкент шаҳридаги Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бошқармасига жўнатилади.

Воситалар Экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва чиқиндиларни назорат қилиш фондига келиб тушганидан сўнг Тошкент шаҳридаги дарахтларни кесишга доир хулосалар бир кун ичида туман ҳокимликларига йўлланади.

Бир вақтнинг ўзида Минтақавий инспекция томонидан дарахтларни кесишга берилган рухсатномаларга доир реестр тузилади, шунингдек, унда дарахт ё бута кесиш амалга ошириладиган манзил, муддат, дарахтлар ва буталар сони ва тури аниқ кўрсатилади.

Мазкур реестр Давлат экология қўмитаси расмий веб-сайти uznature.uzга жойлаштирилиб, ҳар ҳафтада янгиланиб турилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: