Тошкентда довулда жабрланган аёл оламдан ўтди

Дата: 09:06, 20-10-2017.

Тошкент. 20 октябр. ЎзТАГ – Яқинда бўлиб ўтган довулда жабрланган тошкентлик аёл олинган жароҳатлардан шифохонада оламдан ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2017 йилнинг 17 октябр куни Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида 9-32 м/с тезликда шамол бўлганлиги кузатилди. Кучли шамол оқибатида айрим маъмурий бинолар ва уйларнинг том қисмларига зарар етган. Дарахт шохларининг синиб тушиши сабабли баъзи фуқароларнинг автотранспорт воситаларига шикаст етган, автомобиль йўлларида тирбандликлар юзага келган”, - дейилади ФВВ хабарида.

Маҳаллий бошқарув органлари, авария-қутқарув хизматлари томонидан юзага келган вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрилди.

Шунингдек, дарахт шохининг синиб тушиши оқибатида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида истиқомат қилган фуқаро Г. Исоқова турли даражада тан жароҳати олган ва шифохонага ётқазилган.

ФВВ маълумотларига кўра, тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай у шифохонада вафот этган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: