Тошкентда дунёдаги энг ширин “пибимпаб”ни ким тайёрлаши аниқланади

Дата: 17:10, 12-09-2018.

Тошкент. 12 сентябр. ЎзТАГ – 27 сентябрда “Дунёдаги энг ширин пибимпаб” корейс пазандалиги конкурси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасидан хабар қилишларича, конкурсантлар янги ўзбек сабзавотлари ва ҳақиқий корейс зираворларидан анъанавий корейс таоми – “пибимпаб”ни тайёрлашлари зарур.

Конкурсдан сўнг эса Корея Республикасида таниқли ошпаз Чой Жи А томонидан корейс овқатларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарси ўтказилади. У маҳорат дарси иштирокчиларини корейс ошхонасининг ўзига хосликлари билан таништиради ва анъанавий “пульгоги” (зираворланган гўшт) ва “кимчи” таомларини тайёрлаш усулларини кўрсатади.

Сўнгра иштирокчилар корейс маҳсулотлари ва зироворларидан фойдаланган ҳолда юқоридаги таомларни ўзлари тайёрлаб кўришлари мумкин бўлади.

Қўшимча қиламизки, корейс пазандалик маҳорати конкурси KoreaFestival-2018 Корейс маданияти фестивали доирасида бўлиб ўтади. Тадбир 22 сентябрдан 6 октябргача Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Тошкент, Жиззах ва Қарши шаҳарларида ташкил этилади.

 

Сурат манбаи: из https://eda.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: