Тошкентда дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди

Дата: 15:14, 03-03-2016.

Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – Яқинда Тошкентдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуида дзюдо бўйича 2016 йилги Ўзбекистон чемпионати бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Турнирда ҳар бир вилоятнинг энг кучли курашчилари қатнашади. Бу йилги республика мусобақасида жами 392 нафар дзюдо устаси 14 вазн тоифасида ғолиблик учун беллашади. Кеча мамлакат чемпионатининг биринчи куни юқори вазндаги эркаклар (81 кг, 90 кг, 100 кг ва 100 кгдан зиёд) ва аёллар (70 кг, 78 кг ва 78 кгдан зиёд) ўртасида мусобақалар ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди”, - деб таъкидлашди Дзюдо федерациясида.

81 кггача вазнда ғалаба учун 45 дзюдочи беллашди. Олтин медални эса Шарофиддин Болтабоев (Қорақалпоғистон Республикаси), 90 кггача вазн тоифасида Муҳаммадкарим Хуррамов (Самарқанд) олди.

100 кггача вазнда Эркин Дониёров (Бухоро) олтин медални, Бекмурод Олтибоев эса (Сурхандарё) кумуш медални қўлга киритди.

100 кгдан зиёд вазн тоифасида Шуҳрат Тўрабоев (Тошкент) биринчи, Элёр Машарипов иккинчи, Муҳсин Ҳисомиддинов (Тошкент) ва Болтабой Болтабоев (Хоразм) эса учинчи бўлдилар.

Хотин-қизлар мусобақасида Муҳайё Ибрагимова (Хоразм, 63 кггача) ва Умида Саидовага (Навоий, 70 кггача) тенг келадиган рақиб топилмади. 

Бугун эркаклар ўртасида – 60 кг, - 66 кг, - 73 кг, ва мутлоқ вазнда, аёллар ўртасида эса - 48 кг, - 52 кг, - 57 кг ва - 63 кг. вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: