Тошкентда энг йирик талабалар ётоқхоналаридан бирида таъмирлаш ишлари якунланди

Дата: 13:17, 22-03-2017.

Тошкент. 22 март. ЎзТАГ – Тошкентда Тошкент давлат ахборот технологиялари  университетининг (ТАТУ) талабалар ётоқхонаси бир йилдан зиёдроқ таъмирлаш ва реконструкция ишларидан сўнг очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қурилиш ва таъмир ишлари 2015 йил мартида бошланган эди. Ўтган вақт давомида ётоқхона республикадаги энг янги, замонавий ва қулай ётоқхонардан бирига айланди.

“Ўйлайманки, ётоқхона талабаларга муносиб равишда хизмат қилади. Университетимизга ал-Хоразмийнинг номи берилиши ҳақидаги қарор билан бирга бизда янги иш режаси пайдо бўлди. Университет қошидаги “Дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуалар яратиш маркази” ўрнида “Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази”ни ташкил қилиш режалаштирилган. Университет қошида Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда ва у илмий кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Сўзсиз, талаба ва аспирантларнинг турмуш шароитини яхшилаш масаласи – янги шароитдаги муҳим омилларидан биридир, шунинг учун янгиланган бинонинг очилиши – олдинда турган ўзгаришларни амалга оширишдаги муҳим қадамдир”, - деб таъкидлади ТАТУ ректори Тўлқин Тешабоев.

Янги таъмирланган бинода 320 киши учун мўлжалланган 127 хонадан ташқари компьютер синфи, кутубхона ва маънавият ва маърифат маркази жой олган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: