Тошкентда ЕТТБ ваколатхонасини очиш режалаштирилмоқда
Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга ташриф буюрган Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори Наталя Ханженкова бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақида сешанба куни вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
“Учрашувда Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорлик кун тартиби шаклланишини ниҳоясига етказиш истиқболлари ҳамда банкнинг Тошкент шаҳрида ваколатхонасини очилишининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.
Бундан ташқари, томонлар ЕТТБнинг Ўзбекистон бўйича 5 йиллик Стратегияси лойиҳаси устидаги ишнинг бориши, шунингдек, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро инвестиция форуми ва “Марказий Осиё халқаро транспорт коридорлари тизимида: стратегик истиқболлар ва тадбиқ этилмаган имкониятлар” конференциясида банкнинг иштирок этиши юзасидан фикр алмашдилар.