Тошкентда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги экологик дастури тақдимоти бўлиб ўтди
Тошкент. 8 июл. ЎзТАГ – Яқинда Тошкентда ЕИ-Марказий Осиё платформасида фаолият юритувчи Атроф муҳит ва иқлим ўзгаришини бошқариш бўйича ишчи гуруҳи учрашуви доирасида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги экологик дастури тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) мухбири.
“Марказий Осиё - глобал экологик муаммолар билан тўқнашаётган ҳудуд. Бизнинг бугунги учрашувимиз ҳудуд мамлакатлари вакиллари билан Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги экологик дастурини тайёрлашга қаратилган (EURECA 2). У EURECA 1 дастури доирасида олинган натижаларни кенгайтиришга йўналтирилган. Биз янги дастурни ишлаб чиқишда иштирок этувчи ҳудуд мамлакатларидан аниқ кўрсатмалар олишни кутмоқдамиз”, – деб таъкидлади Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистондаги раҳбари Юрий Штерк.
Эслатиб ўтамизки, EURECA 1 дастури 2012-2015 йилларга мўлжалланган эди. Унинг умумий қиймати 9,2 млн евро бўлиб, дастур ЕИ билан сув ресурслари, ўрмонлар ва биохилмахилликни бошқариш, экологик мониторингни ташкил қилиш, аҳолининг атроф муҳит масалаларидан хабардорлигини ошириш кабилар бўйича ҳудудий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган эди.
EURECA 2 2015 йил октябрда Миланда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги олий даражадаги учрашувда қабул қилиниши кутилмоқда.