Тошкентда Европарламент делегацияси раиси билан учрашув бўлиб ўтди

Дата: 22:13, 07-05-2015.

Тошкент. 7 май. ЎзТАГ – Бугун Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Камилов юртимизга мунтазам парламентлараро алмашувлар доирасида ташриф буюрган Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Монголия билан алоқалар бўйича Делегацияси раиси Ивета Григулени қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВдан хабар қилишларича, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш масалалари ҳамда Олий Мажлис палаталари ва Европа парламенти алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва уларни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Бундан ташқари, мулоқот доирасида кўп режали ҳамкорликни кенгайтириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидланганлиги ҳам айтилмоқда.

Томонлар Ўзбекистон-ЕИ Ҳамкорлиги кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнига алоҳида эътибор қаратганлар.

Учрашувда ЕИ Элчиси Юрий Штерк иштирок этган.

Эслатиб ўтамизки, ЕИ ва Ўзбекистон 1996 йилдаёқ ҳамдўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолаганлар. 2011 йилда эса Европа Иттифоқи мамлакатда ўз ваколатхонасини очган.

Ҳозирда ЕИ Ўзбекистонда таълим ва соғлиқни-сақлашни яхшилаш, қонун устиворлигини мустаҳкамлаш, парламентаризмни ривожлантириш, молия саводхонлиги тадбиркорлар салоҳиятини ошириш, шунингдек, ҳавфсизликликни таъминлашга қаратилган лойиҳаларни молиялаштирмоқда.

ЕИ делегацияси маълумотларига кўра ЕИнинг Марказий Осиё ҳудудига кўрсатган беғараз ёрдами ҳажми 2007-2013 йилларда 750 млн еврони ташкил этган. 2014-2021 йилларда ушбу кўрсаткич 1 млрд еврога етиши кутилмоқда. 2007-2010 йилларда Ўзбекистон билан ҳамкорликка 28,6 млн евро, 2011-2013 йилларда 42 млн евро ажратилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: