Тошкентда “FALLING WALLS LAB” герман конкурси бўлиб ўтди

Дата: 13:21, 22-09-2017.

Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – Германиянинг Тошкентдаги элчихонасида Ўзбекистондаги илк “FALLING WALLS LAB” конкурсини ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Беллашувга таклиф этилган 100 нафар меҳмон 13 тақдимотни интеллектуал қизиқиш билан кузатиб боришди.

Қисқа илмий маърузаларнинг мавзулари техник фанлар, атроф-муҳит муҳофазаси, таълим, малака оширишдан тортиб тиббиётга қадар кенг қамровли мавзуларни қамраб олди. Тақдимотлар 3 дақиқалик Power-Point, аудио ва видео тақдимотлар шаклларида ўтказилди.

Жюрини Тошкентдаги Германия элчихонасининг муваққат ишлар вакили Мелани Мольтманн бошқарди.

Тошкентдаги Тиббиёт Академиясининг профессори Расул Содиқов биринчи ўзбек “FALLING WALLS LAB”нинг ғолиби бўлди. Унинг ихтисослиги - юз жарроҳлиги. Содиқов ушбу мутахассислик бўйича халқаро тажрибага эга бўлган эксперт.

Ҳайъат унинг саратонни аниқлаш ва даволашда лазер технологиясидан фойдаланиш бўйича муваффақиятли тақдимотини муносиб тақдирлаб, 2017 йил 8-9 ноябрда Берлинда ўтказиладиган FALLING WALLS LAB финалига йўлланма берди.

Эслатиб ўтамизки, мазкур танлов Германия Федератив Республикаси томонидан 2009 йилдан бери бутун дунёда ўтказиладиган илмий мусобақадир. Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, мусобақа фан ва таълим, технология ва инновация, иқтисодиёт ва жамият соҳаларидаги иштирокчиларни бирлаштиради.

Танлов икки босқичда ўтказилади: биринчи бўлиб иштирокчи мамлакатларда миллий миқёсда биринчи саралаш тақдимотлари ўтказилади. Миллий давра ғолиби якуний босқичда ўз лойиҳаларини тақдим этиш учун Германияга таклиф этилади.

Финал босқичи ҳар йили таниқли немис ва халқаро сиёсат, илм-фан, иқтисодиёт, маданият арбоблари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Берлинда 8-9 ноябр кунлари ўтказилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: