Тошкентда Франкофония байрами нишонланади
Тошкент. 12 март. ЎзТАГ – Тошкентда Франкофония байрами нишонланади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“2015 йилнинг 17 мартида Тошкентда Халқаро Франкофония ташкилотига (ХФТ) аъзо мамлакатлар ва кузатувчи мақомидаги давлатлар вакиллари биргаликда Франкофония байрамини нишонлайдилар”, - дейилади Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабарида.
Жорий йилда байрам Ўзбекистон Миллий университети билан биргаликда тайёрланмоқда. Байрам 17 март соат 15.00да Миллий университет маданият саройида бошланади. Бу ерда талабалар, ўқитувчилар ва француз тили ва маданияти билан қизиқувчи барча Жазоир, Болгария, Миср, Франция, Грузия, Чех Республикаси, Руминия, Словакия, Швейцария ва Украина стендларига ташриф буюриши мумкин.
Куннинг иккинчи ярмида франкофония ва барқарор ривожланиш мавзусида турли ўйин ва конкурслар ўтказилади. Ғолиблар кўплаб совғалар ва шу жумладан, Францияга икки йўлланмани қўлга киритадилар.
Эслатиб ўтамизки, ХФТ 57 давлат ва 23 кузатувчи мақомидаги мамлакатни бирлаштирган. Уларнинг жами аҳолиси 1 млрд. кишига тенг. Бугунда беш қитъада 274 млн. киши француз тилида гаплашади. ХФТнинг мақсад ва вазифалари француз тили, маданий ва тил турфалигини тарқатиш, тинчлик, демократия ва инсон ҳуқуқларни илгари суриш, таълим, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.