Тошкентда гемофилия билан оғриган беморларга биринчи кўмак кўрсатиш бўйича семинар бўлиб ўтмоқда

Дата: 13:53, 26-11-2015.

Тошкент. 26 ноябр. ЎзТАГ – 26 ноябрда Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида “Гемофилия касаллигининг давоси ва асоратларида биринчи ёрдам кўрсатиш, гемостатик препаратларнинг қўлланилиши” мавзусида икки кунлик ўқув-амалий курси бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Соғлиқни-сақлаш вазирлиги сайтидаги малумотга асосланган холда.

Маълумотга кўра, тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни-сақлаш вазирлиги ва Бутунжаҳон гемофилия федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда Россия, Қозоғистон каби хориж давлатларидан гематология йўналишига ихтисослашган тажрибали мутахассислар иштирок этишмоқда.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – даволаш-профилактика муассасаларида гемофилия билан оғриган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиб келаётган ҳамшираларга сон, тизза, тирсак бўғимларига ва қорин бўшлиғига қон қуйилишида биринчи тез тиббий хизмат кўрсатиш ва беморларни парваришлаш, қон тўхтатувчи препаратларни юбориш техникаси бўйича малакасини оширишдан иборат.

“Наслдан-наслга ўтувчи гемофилия касаллигида биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш ҳамширадан юқори малака талаб қилади, шу боис, мазкур ўқув-амалий курс гематология бўлимларида фаолият юритаётган ҳамширалар учун ташкил этилди”, - деб таъкидлади Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Азиза Маҳмудова.

Унинг сўзларига кўра, ушбу касаллик фақат эркакларда учрайди, аёллар эса фақат уни ташувчилардир.

“Ҳозирда республикамиз бўйича 1500 нафар гемофилия касаллиги билан оғриган бемор назоратга олинган. Касаллик ўғил болаларда намоён бўлишини, аёллар эса фақат ташувчи эканлигини ҳисобга олиб, биз беморларнинг яқин қариндошларини ва туғилаётган фарзандларини ҳам чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказиб келмоқдамиз”, - деб қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, ўқув-амалий курси доирасида гемофилия касаллиги хақида тушунча, диагностика ва даволаш усуллари, беморларга биринчи ёрдам кўрсатиш, оғир ҳолатдаги беморларни парваришлаш ва бошқа шу каби мавзуларда маърузалар тингланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: