Тошкентда Георгий Агзамов хотирасига бағишланган халқаро шахмат турнири бўлиб ўтмоқда

Дата: 16:40, 20-04-2016.

Тошкент. 20 апрел. ЎзТАГ – 18 апрелдан бошлаб Тошкентда Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Георгий Агзамов хотирасига бағишланган халқаро шахмат турнири бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“SehrliShahmat” шахмат клубидан хабар беришларича, 10 мамлакатдан  гроссмейстерлар иштирок этаётгани, халқаро тоифадаги таниқли ҳакам Анжей Филипович (Польша) ва унинг ўринбосари, Россия шахмат федерацияси президентининг халқаро алоқалар бўйича маслаҳатчиси, халқаро ҳакам Александр Бахоларнинг иштироки мусобақанинг юқори даражасидан дарак беради.

Янги Республика ихтисослашган болалар-ўсмирлар шахмат мактабида ташкил этилган турнир ўнинчи бор ўтказилмоқда.

Ўзбекистон термаси сафида Марат Жумаев, Алексей Барсов, Журабек Ҳамроқулов, Нодирбек Абдусатторов, Жахонгир Вохидов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Сарвиноз Қурбонбоева, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Бахора Абдусатторовалар бор.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йилда Ўзбекистон шахматчилари халқаро турнирлар доирасида жами 25 олтин, 8 кумуш ва 12 бронза медалларни қўлга киритдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: