Тошкентда ГФР ТИВ вакили билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент. 25 июл. ЎзТАГ – Яқинда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Германия Федератив Республикаси ТИВнинг Шарқий Европа, Кавказорти ва Марказий Осиё бўйича ваколатли вакили Корд Майер-Клодтни қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ТИВ хабар қилишларича, учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари, турли даражалардаги ўзбек-немис алоқаларининг кун тартибидаги бошқа масалалар муҳокама қилинган.
Томонлар ҳам давлатлараро шаклларда, ҳам тижорат доиралари, маданият ва таълим ташкилотлари, фуқаролик жамияти вакиллари ўртасидаги алмашинувлар доирасидаги иккитомонлама алоқаларни бардавом мустаҳкамлашдан манфаатдорликларини билдирдилар.
Ўзбекистон ва Германия алоқаларининг ривожига кўплаб муаммолар бўйича қарашларнинг уйғунлиги ҳам қўл келаётганлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамизки, ҳозирда Германия Ўзбекистоннинг Европадаги уч етакчи савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2013 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси $591,2 млнга етди (йил ҳисобида +20%).
Ўзбекистонда ГФР компаниялари иштирокида ташкил этилган 123 корхона фаолият юритмоқда.