Тошкентда гидларнинг биринчи ўзбек-ҳинд халқаро конгресси бўлиб ўтди

Дата: 13:47, 06-08-2019.

Тошкент. 6 август. ЎзТАГ – Тошкентда гидларнинг биринчи ўзбек-ҳинд халқаро конгресси бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ҳиндистондан Ўзбекистонга сайёҳлик оқимини кўпайтириш ва республиканинг кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида 2019 йил 4 август куни Тошкентда гидлар биринчи ўзбек-ҳинд халқаро конгресси бўлиб ўтди", - дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, конгрессда икки мамлакатнинг экскурсоводлари ва гидлари, туризм ва маданият соҳасидаги давлат идоралари, сайёҳлик ташкилотлари вакиллари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий ОАВ ҳамда Ҳиндистон сайёҳлик бизнесининг 170 нафар вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, конгресснинг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини тарғиб қилиш, туризм маҳсулотини диверсификация қилиш ва ҳинд сайёҳлари учун янги экскурсия дастурларини ишлаб чиқиш, малакали раҳбарларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини алмашиш билан боғлиқ долзарб масалаларга бағишланган шўъба мажлислари бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, икки мамлакат туроператорлари В2В майдонларида тўғридан-тўғри конструктив мулоқот ўрнатиш ва икки томонлама битимлар тузиш имконига эга бўлдилар.

"Конгресс якунида Ҳиндистон сайёҳлик гидлар федерацияси вакиллари Ўзбекистон раҳбарларини малакасини оширишда фаол иштирок этиб, Ҳиндистонда малака ошириш учун шарт-шароитлар яратадиган келишувга эришилди", - деб якунланади хабар.

 

Сурат манбаи: uzbektourism.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: