Тошкентда Global IT Challenge халқаро лойиҳасининг саралаш босқичи бўлиб ўтди

Дата: 18:22, 18-08-2017.

Тошкент. 18 август. ЎзТАГ – Тошкентда махсус эҳтиёжманд ёшлар ўртасида Global IT Challenge халқаро лойиҳасининг компьютер саводхонлиги бўйича саралаш босқичи бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Лойиҳанинг саралаш босқичи Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгаши, “LG Electronics” компанияси ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) томонидан ўтказилди.

Ушбу ОТМ маълумотига кўра, саралаш босқичида 13 ёшдан 19 ёшгача бўлган 18 нафар махсус эҳтиёжманд ёшлар иштирок этишди. Саралаш якунларига кўра 4 нафар иштирокчи сентябр ойида Вьетнамда ўтказиладиган “Global IT Challenge” лойиҳасининг якуний босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Темур Ходжаев, Абдулазиз Салимов, Мирали Ғиёсов ва Мавлюда Кучкаралиева “Global IT Challenge” лойиҳасининг якуний босқичига тайёргарлик кўришадиган бўлишди.

Халқаро лойиҳанинг бошланишига қадар ўзбекистонлик ёшлар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ташкил этилган визуал дастурлаш бўлган “Scratch” ҳамда офис дастурлари бўйича бепул таҳсил оладилар.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг профессор ёрдамчиси Жаҳонгир Раимбеков танлов иштирокчиларини Вьетнамда бўлиб ўтадиган мусобақага тайёрлайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: