Тошкентда “Грузин киноси” кунлари бўлиб ўтади

Дата: 17:48, 11-12-2015.

Тошкент. 11 декабр. ЎзТАГ – 18-20 декабрда Тошкентдаги Республика Кино уйида грузин актер ва режиссёрлари иштирокида “Грузин киноси” кунлари бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бугун ташкил этилган матбуот анжуманида Грузиянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Жгенти тадбир икки мамлакат маданий алоқаларини ривожлантириш мақсадида ўтказилмоқда, деб таъкидлади.

Тадбир Грузиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан ташкил қилинган.

Грузин киноси кунлари 18 декабрда тантанали равишда очилади. Унда актер, режиссёр ва санъатшунослар Баадур Цуладзе, Элгуджа Бурдули, Зураб Кипшидзе, Дали Окропиридзе, Георгий Накашидзелар қатнашадилар.

“Грузин киноси” кунлари доирасида “Кето ва Коте” (режиссерлар В.Таблиашвили ва Ш.Гедеванишвили), “Биринчи қалдирғоч” (Н.Мчедлидзе), “Кузги қуёш” (Т.Палавандишвили), “Верий квартали куйлади” (Г.Шенгелая), “Бедорлар қуёши” (Т.Баблуани), “Ёлғиз овчи” (К.Долидзе) ва “Ошиқ пазанданинг 1001 тавсияси” (Н.Жорджадзе) каби тўлақоли фильмлар намойиш этилади.

Тадбир доирасида таниқли қисқа метражли грузин фильмлари ҳам намойиш қилинади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: