Тошкентда ИҲТ ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси ўз ишини бошламоқда

Дата: 13:05, 18-10-2016.

Тошкент. 18 октябр. ЎзТАГ – Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ташқи ишлар вазирлари кенгашининг (ИҲТ ТИВК) 43-сессияси ўз ишини бошламоқда, деб хабар беради сешанба куни Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

“Унда 50 дан ортиқ аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ҳамда қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Таъкидланишича, очилаётган Тошкент сессияси ИҲТ ТИВКнинг 2017-йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги мажлисига қадар Ўзбекистон Республикаси раислигининг расман бошланиши бўлади.

“Ўзбекистон раислигининг шиори – “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик йўли”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Олдин маълум қилингани каби, тасдиқланган дастур ва кун тартибига мувофиқ очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаши режалаштирилган.

Ялпи мажлисда сессия қатнашчилари давлатлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш, тинчликни мустаҳкамлаш соҳасидаги ИҲТ олдида турган умумий вазифаларни ҳал қилиш ҳамда сиёсий, иқтисодий, илмий, таълим, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини ҳам муҳокама қиладилар.

Сессия якунига кўра қабул қилинадиган асосий ҳужжат Тошкент декларацияси ҳисобланади. Мазкур ҳужжат ИҲТ кун тартибидаги асосий сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар масалаларни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг мазкур ташкилот ТИВКдаги бўлажак раислигининг устувор йўналишларини ўз ичига олади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: