Тошкентда II Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бўлиб ўтади
Тошкент. 19 июл. ЎзТАГ - 6-8 сентябр кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида II Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бўлиб ўтади, деб хабар беради “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК матбуот хизмати.
Тадбир “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК, “Ўзвиносаноат-холдинг” ХК, “Ўзбекозиқовқатзаҳира” уюшмаси, “Ўзэкспомарказ” МКК АЖ, “Ўзагроэкспорт”АЖ ва “Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекцияси” томонидан ташкил этилмоқда.
Ярмарка ўзбек компанияларига ўз маҳсулотларини тақдим этиш, экспорт географиясини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш бозорларини ва янги хорижий ҳамкорларни топиш имконини беради. Чет эллик иштирокчиларга эса, ўз давлатлари бозорлари учун мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш борасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатишга имкон яратади.
Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида республиканинг барча ҳудудларига мансуб маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб берувчи ва қайта ишловчилари, тегишли вазирлик, муассаса ва ташкилотлари вакиллари иштирок этадилар ҳамда маҳсулотлар билан бир қаторда экспортчилар ва хорижий харидрлар учун зарур маълумотларини тақдим қиладилар.
Хусусан, кўргазма павильонларида Ўзбекистонда етиштирилган ҳўл, қуритилган ва қайта ишланган мева, сабзавот, полиз ва дуккакли маҳсулотлар ҳамда зираворлар тақдим этилади.
Бугунда маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун хорижий қайта ишловчилар ва ритейл-компаниялар катта қизиқиш туғдирмоқда.
Кўргазма мажмуида “музокаралар ҳудудлари” ташкил этилади. Бу ерда маҳсулот етказиб берувчилар хорижий савдо ширкатлари вакиллари билан музокаралар ўтказиш имкониятига эга бўладилар.
Шу билан бирга, ярмарканинг хорижий иштирокчилари учун мева-сабзавот маҳсулотлари қайта ишлаш корхоналари, музлатиш мажмуалари, интенсив боғларга махсус тур ташкил қилинади.