Тошкентда икки эркак 15 кг симобни $100 мингга сотишга уринганда қўлга олинди
Тошкент. 31 январ. ЎзТАГ – Тошкентда икки эркак 15 кг симобни $100 мингга сотишга уринганда қўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан Бектемир туманида ўтказилган тадбир давомида фуқаролар Д.А. ва З.А. “шартли харидор”га 15 килограмм симобни 100 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди”, - дейилади Давлат Божхона қўмитаси ахборот хизмати.
Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат бўйича тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, симоб ниҳоятда заҳарли моддалар қаторига киради. Айниқса, унинг очиқ ҳолда буғланиб ҳавода тарқалиши инсон соғлиғига жиддий зарар етказиши мумкин. Симобнинг унча кўп бўлмаган миқдори ҳам соғлиқ билан боғлиқ муаммолар ва оғир заҳарланиш келтириб чиқариши мумкин. Симоб асаб тизими, овқат ҳазм қилиш ва иммун тизимлари, ўпка, буйрак, тери ва кўзларга токсик таъсир қилади.
Сурат манбаи: https://www.sb.by