Тошкентда илк маротаба мушукларнинг халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади

Дата: 16:27, 15-09-2016.

Тошкент. 15 сентябр. ЎзТАГ – 9 октябрда Тошкентда илк маротаба “Кузги Кошкент-2016” номли мушуклар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Унда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан бўлган мушуклар ишқибозлари иштирок этадилар. Замонавий Ўзбекистон тарихида ҳали бир марта ҳам профессионал стандартларга мос мушуклар кўргазмаси ўтказилмаган эди. Тадбир шу йил январда очилган Caravan Cats фелинологик клуби сайъ-ҳаракатлари билан ўтказилмоқда”, - деб таъкидлашди ташкилотчилар.

Кўргазма FARUS халқаро фелинологик ассоциациясининг лицензиясига эга. Мушуклар зотлари бўйича таниқли мутахассислар бўлган россиялик Ольга Синица ва қозоғистонлик Евгений Мечковскийлар ҳакамлар бўлиб қатнашмоқдалар.

Кўргазмада ҳам зотдор мушуклар, ҳам хонаки уй мушуклари қатнашишлари мумкин. Халқаро кўргазмалар қоидаларига кўра, зотдор мушуклар тадбирда қатнашишлари учун ҳайвоннинг сулоласини тақдим этиш лозим. Хужжатсиз зотдор мушуклар янги қатнашувчилар тоифасида иштирок этиб, зотдорлик сертификати олишлари мумкин. Ғолибларга FARUS ва Caravan Cats дипломлари билан тасдиқланган халқаро тоифадаги мақомлар топширилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: