Тошкентда илк маротаба шахмат бўйича Қитъа чемпионати бўлиб ўтади

Дата: 12:30, 20-05-2016.

Тошкент. 20 май. ЎзТАГ– 26 майда Тошкентда илк маротаба шахмат бўйича XV Қитъа чемпионати (Asian Continental Chess Championships) бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Шахмат федерацияси матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Хабар қилинишича, биринчиликда дунёнинг 20 мамлакатлари: Афғонистон, Бангладеш, Вьетнам, Хитой, Гонконг, Индонезия, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Саудия Арабиятони, Мўғилистон, Янги Зеландия, Уммон, Покистон, Сингапур, БАА ва бошқа қатор Осиё давлатлари шахматчилари қатнашадилар.

Чемпионатда Ўзбекистон шарафини халқаро гроссмейстерлар Рустам Қосимжонов, Жаҳонгир Воҳидов, Марат Жумаев, республика чемпиони Нодирбек Ёқуббоев, халқаро шахмат усталари Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Ирина Геворгян ва бошқалар ҳимоя қиладилар.

Турнирнинг кучли шазхматчилари орасида блиц бўйича 2013 йилги жаҳон чемпиони гроссмейстер Ле Куанг Льем (Вьетнам, рейтинги 2718), халқаро гроссмейстер Рустам Қосимжонов (2715), Хитой чемпиони Вэй И (2694) ва бошқалар бор.

Аёллар термасининг бошланғич таркибида яқинда бўлиб ўтган ФИДЕ Гран-приси (World Chess Federation) ғолиби  халқаро уста Хадемал шарие Сарасадат (2459), 2010 йилги жаҳон чемпионки Го Ци (Хитой, 2447), Цюрихдаги 2010 йилги турнир ғолибаси  Мунгунтуул Батхуяг (Мўғилистон, 2442), Ҳиндистон чемпиони Падмини Роутлар (2433) бор.

Мусобақалар 2016 йил 5 июнгача давом этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: