Тошкентда инклюзив таълим бўйича синов ресурс маркази очилди
Тошкент. 1 май. ЎзТАГ – Яқинда Тошкентда “Ўзбекистондаги алоҳида эҳтиёжга эга бўлган болалар учун инклюзив таълим” лойиҳасининг синов ресурс маркази очилди. Лойиҳа Европа иттифоқи томонидан молиялаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Соғлиқни-сақлаш вазирлигидан хабар қилишларича, марказ пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги 324 ўрта мактабда фаолият юритади. У ушбу лойиҳа доирасида очилган бешинчи марказ бўлди. Февралда бундай марказлар Урганч, Термиз, Наманган ва Самарқандда очилган эди.
Инклюзив таълим барча болалар, жумладан, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган болалар учун таълим олишда тенг имкониятлар яратишга қаратилган.
Ушбу лойиҳа 2014 йил мартдан 2016 йил февралга мўлжалланган. Унинг доирасида алоҳида эҳтиёжларга эга бўлган мактабгача ва мактаб ёшидаги 700 болани умумий таълим тизими муассасаларига қўшиш режалаштирилмоқда.
Марказлар ЕИ ва таълим, соғлиқни-сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ҳамда Болаларни ижтимоий адаптация маркази ҳамкорлигида очилмоқда.
Тадбир иштирокчилари ресурс марказининг жиҳозланиши билан танишдилар. Марказлар таълим олишда алоҳида эҳтиёжга эга бўлган интерактив доскалар, персонал компьютерлар, катталаштиргичлар, юришга кўмаклашувчи мосламалар ва бошқалар билан жиҳозланган. Ушбу жиҳозлар ЕИ лойиҳаси доирасида сотиб олинган.