Тошкентда инсон ҳуқуқлари бўйича конференция бўлиб ўтмоқда
Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда “Инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш – мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишнинг энг муҳим йўналиши: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Халқаро форумни ўтказишдан кўзланган мақсад нафақат жамоатчиликни ва хорижлик ҳамкорларимизни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича аҳвол қандайлиги борасида ахборот бериш, балки чет эл экспертларининг бу борадаги тажрибасини ҳам олишдир, - деди тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов.
Иштирокчилар таркибини ҳисобга олган ҳолда Тошкентда ўтаётган халқаро конференция инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва миллий тажрибани тақдим этиши керак. Унда БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари бошқармаси, Европа ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ), Европа Кенгашининг Венециан комиссияси вакиллари, Буюк Британия, Италия, Испания, Ирландия, Монголия, Руминия, Шотландиялик мутахассислар қатнашмоқда.
Форум муҳокамаларида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, суд органлари вакиллари, фуқаролик жамияти намояндалари, юридик ва илмий жамоатчилик, дипломатик корпус вакиллари иштирок этмоқда.