Тошкентда инвестицион салоҳиятга бағишланган конференция бўлиб ўтади
Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда Ўзбекистоннинг қаттиқ фойдали қазилма бойликлари инвестицион салоҳияти ҳақида конференция бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси Сизни “Ўзбекистоннинг қаттиқ фойдали қазилма бойликлари инвестицион салоҳияти “ЎЗГEОИНВEСТ-2017” Х- халқаро конференциясида иштирок этишга таклиф этади”, - дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.
Тадбир 2017 йил 6 декабрда Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида бўлиб ўтади.
Конференциядан кўзланган мақсад – етакчи тоғ-кон компаниялари ва турли мамлакатлар тадбиркорларини минерал ресурсларни ўрганиш ва конларни ўзлаштиришга инвестиция қилиш имкониятлари билан таништириш, дўстона ва бизнес алоқаларни ўрнатиш ҳисобланади.
Жорий йилда “ЎЗГEОИНВEСТ-2017” кўргазмасида 29 та фойдали қазилмалар конлари ва 111 та фойдали қазилмалар истиқболли ҳудудлари тўғрисида маълумот берилади. Улар орасида қимматбаҳо металлар бўйича 12 та кон ва 31 та истиқболли майдон; рангли металлар бўйича 18 ҳудуд; нодир металлар ва нодир элементлар бўйича 11 та кон ва 51 та истиқболли майдон; қора металлар бўйича 3 та кон ва 11 та майдон; радиоактивлар бўйича 3 та конлар мавжуд.