Тошкентда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича амалий қадамлар муҳокама қилинди
Тошкент. 27 сентябр. ЎзТАГ – Тошкентда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича амалий қадамлар муҳокама қилинди. Бу ҳақида чоршанба куни ҚР Иқтисодиёт вазирлигининг матбуот хизмати маълум қилди.
Қирғизистон Иқтисодиёт вазири Артем Новиков ва Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.
Томонлар учрашув доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишнинг амалий жиҳатлари ва бўлажак қирғиз-ўзбек алоқалари бўйича фикр алмашдилар.
Мулоқот чоғида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифи доирасида Тошкентда қирғиз-ўзбек бизнес-форуми ва товар ишлаб чиқарувчилари кўргазмасини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, томонлар қўшма корхоналарни ташкил этиш бўйича келишувларга эришдилар, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлашни кўпайтириш бўйича амалий қадамлар муҳокама қилинди.


