Тошкентда ўғирлик қилмоқчи бўлган киши қўлга олинди

Дата: 15:57, 15-11-2017.

Тошкент. 15 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда ўғирлик қилмоқчи бўлган киши қўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2017 йилнинг 12 ноябр куни тахминан соат 00:30ларда, Эрназаров Шерзод Абдурауфович, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Юнусобод тумани ҳудудида, фуқаро Омонов Фозилбек Тухтаевичга тегишли “Нексия” русумли автомашина эшиги очиқлигидан фойдаланиб, унинг салонидан моддий қимматликларни ўғирламоқчи бўлган вақтида ички ишлар идоралари ходимлари томонидан жиноят жойида ушланди”, - дейилади Ўзбекистон пойтахти Ички ишлар бош бошқармаси хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан, Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 169-моддаси 1-қисми (ўғирликка суиқасд қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди.

“Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. Жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган бўлиб, фамилияси ва исмининг ҳар қандай ўхшашлиги тасодифий ҳарактерга эга”, - дея қайд этилади хабарда. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: