Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирларин кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтади

Дата: 13:33, 17-10-2016.

Тошкент. 17 октябр. ЎзТАГ – 18-19 октябрда Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирларин кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мазкур йиғилишда 26та ИҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари расмий равишда ўз иштирокини тасдиқладилар. Булар Афғонистон, Бангладеш, Фаластин, Гаяна, Индонезия, Иордания, Жазоир, Камерун, Кот-дъ Ивуар, Ливия, Малайзия, Малдив, Миср, Нигерия, Озарбайжон, Покистон, Қатар, Қирғизистон, Қозоғистон, Қувайт, Саудия Арабистони, Сомали, Суринам, Тожикистон, Туркия, Яман ташқи сиёсат идоралари раҳбарларидир”, - деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фазилов.

Шунингдек, сессияда ИҲТ бош котиби Ияд Амин Мадани, Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти Бандар Ҳажжар, ташкилотнинг қатор ёрдамчи ва махсус муассасалари бош директорлари, АҚШ, Франция, Италия, Буюк Британия, Швейцариянинг ИҲТдаги махсус вакиллари ҳамда БМТ, ЕХҲТ, Араб давлатлари лигаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиеда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) ва бошқа кўплаб ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этади.

18-октябрда ўз ишини бошлайдиган сессия доирасида ТИВКнинг амалдаги раиси Қувайт Давлати ўз раислик ваколатини расман Ўзбекистонга топширади. Шу пайтдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ташқи ишлар вазири мазкур органнинг 2017-йилдаги навбатдаги сессияга қадар ИҲТ ТИВКнинг раиси функцияларини амалга оширади.

Тасдиқланган дастур ва кун тартибига мувофиқ очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаши режалаштирилган.

Ялпи мажлисда сессия қатнашчилари давлатлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш, тинчликни мустаҳкамлаш соҳасидаги ИҲТ олдида турган умумий вазифаларни ҳал қилиш ҳамда сиёсий, иқтисодий, илмий, таълим, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини ҳам муҳокама қиладилар.

Сессия якунига кўра қабул қилинадиган асосий ҳужжат Тошкент декларацияси ҳисобланади. Мазкур ҳужжат ИҲТ кун тартибидаги асосий сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар масалаларни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг мазкур ташкилот ТИВКдаги бўлажак раислигининг устувор йўналишларини ўз ичига олади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: