Тошкентда исроиллик ёзувчи аёлнинг китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Дата: 16:10, 07-07-2017.

Тошкент. 7 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий кутубхонаси катта мажлислар залида исроил ёзувчиси Лея Гольдбергнинг “Ижара учун уй” номли болалар китоби тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Миллий кутубхона маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги Исроил элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда элчихона вакиллари, адабиётшунослар, таржимашунослар ва кутубхона фойдаланувчилари иштрок этдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Абдуазизов Лея Гольдбергнинг асарлари кўпгина тиллар, жумладан, ўзбек тилига таржима қилинганини айтиб ўтди. Ёзувчи болалар классик адабиётига айланган бир қатор шеърий асарлар, қиссалар, ҳикоялар ва эртаклар муаллифидир. У ўз асарларида болалар ва катталар ўртасида алоқа ўрнатган адибалардан биридир. Унинг юморга бой, қизиқарли ва оригинал асарлари ёш китобхонлар қалбидан чуқур жой олган. 

Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Кармели Шамир Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирдан мамнун эканлигини изҳор этди ва болаларда мустақил фикрлаш ва янги билимларни эгаллашга бўлган интилишни ривожлантиришда замонавий болалар адабиётининг асосий вазифалари ҳақида сўзлади. 

 “ “Ижара учун уй” эртагида инсонлар бир-бири билан дўстона яшаши кераклиги, қўшниларига яхши муносабатда бўлиши кераклиги ҳақида ҳикоя қилинади”, - деди К.Шамир ҳамда келажакда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда кўплаб   тадбирларни ташкил этилишига ишонч билдирди.

Тақдимотнинг барча иштирокчиларига китоблар совға қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: