Тошкентда истиқомат қилувчи 300 атрофида уруш фахрийлари GM Uzbekistan автоларини навбатсиз олишга сертификатлар олдилар
Тошкент. 19 апрел. ЎзТАГ – Тошкентда истиқомат қилувчи 300 атрофида 1941-1945 йилги уруш фахрийлари GM Uzbekistanда ишлаб чиқарилган автомобилларни навбатсиз олишга сертификатлар олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Тошкент ҳокимияти ахборот хизмати маълумотларига кўра, шунингдек, уруш қатнашчилари биринчи ва иккинчи техник хизматни бепул кўрсатиш ҳуқуқини олдилар. Сертификатдан уруш қатнашчилари ва уларнинг яқинлари фойдаланишлари мумкин.
“17−18 апрелда имтиёзли сертификат бўйича сотиб олинган илк енгил автомобиллари ўз эгаларига етказилди. 94 ёшли Ҳикмат Убайдуллаев ва 93 ёшли Абдувоҳид Тўлаганов Damas, 98 ёшли Камол Туропов ҳамда 92 ёшли Назар Назарян Lacetti автомобилига эга бўлишди”, - дейилади хабарда.
Таъкидлаш зарурки, худди шундай сертификатлар Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам уруш қатнашчилари ва ногиронларига топширилади.
Аммо ҳамманинг ҳам бундай омади чопгани йўқ.
Centre1.com нашри маълумотига кўра, камёб Spark, Gentra, Captiva автолари Тошкент ва ҳудудий дилерлик марказларида мавжуд бўлмаган. Марказлар ходимлари автомобилларни камида 3 ой кутиш зарурлиги ҳақида маълум қилганлар.
Бу ҳолат GM Uzbekistan номига ижтимоий тармоқларда танқидлар оқимини юзага келтирган.
Фахрийларнинг қариндошлари уларга таниш ва қўшнилар сертификатларни сотиб олиш таклифи билан чиққанлигини ҳам хабар қилишган. Бунинг эвазига $500дан $2 минггача пул таклиф этилган.