Тошкентда қизиқарли математика фестивали бошланди

Дата: 10:07, 07-01-2016.

Тошкент. 7 январ. ЎзТАГ – Куни-кеча Тошкентда қизиқарли математика фестивали бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Фестивал болаларда математика фанига бўлган қизиқишни турли хил интеллектуал-қизиқарли ўйинлар, машқлар, викторина ва машғулотлар орқали оширишга қаратилган. Унинг ишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга Жанубий Кореядан 20 нафар энг зўр ўқитувчилар, профессор ва педагоглар ташриф буюришган”, - деб таъкидлашди тадбир ташкилотчиси бўлган Инха Университети матбуот хизматида.

Тадбир давомида математика фанини қизиқарли ва янги услубларда ўқитиш бўйича маҳаллий ўқитувчилар ва корейс профессорлари ўртасида қатор учрашувлар ташкил этилиб, улар билан ўз тажрибалари билан алмашиш имкони яратилади.

Фестивалнинг фахрий меҳмони, Жанубий Кореянинг Инха Университети профессори Хун Чанг, гиперкуб ва кундалик ҳаётимиздаги математика тўғрисида бир нечта маърузалар ўқиши кутилмоқда. Бундан ташқари, тадбирда мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари учун турли танловлар ўтказиш, танлов ғолибларига эсдалик совғалари бериш режалаштирилган.

Маҳаллий мактаб ўқитувчилари учун IUT ва Жанубий Кореянинг Инха университети томонидан алгебра, геометрия ва мантиқдан машқлар тўплами ўрин олган китоблар совға сифатида берилади.

“Баъзи одамларга математика зерикарли фандек туюлиши мумкин. Мазкур фестиваль бу фикр нотўғри эканлигини ва математика қизиқарли бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Биз бундай тадбирлар орқали болаларнинг математика фанига бўлган қизиқишини янада оширмоқчимиз”, деди IUTнинг профессори Парк Женам.

Янгилик билан ўртоқлашиш: