Тошкентда кўчмас мулк билан боғлиқ битимларнинг янги тартиби жорий қилинди
Тошкент. 12 октябр. ЎзТАГ – Тошкентда кўчмас мулк билан боғлиқ битимларнинг янги тартиби жорий қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Эндиликда фуқаролар кўчмас мулкларни сотиш ва сотиб олиш, алмаштириш, совға қилишда бино ва иншоотларнинг таркиби ва тегишлилиги ҳақида қоғоз кўринишидаги маълумотномаларни тақдим этишлари зарур эмас. Бу маълумотларнинг бари нотариал идораларга идоралараро электрон алоқа йўли билан топширилади”, - деб таъкидланади Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри бошқармаси давлат корхонаси хабарида.
Хабар қилинишича, бугунги кунда кўчмас мулк объектларини сотиш, алмаштириш ва совға қилиш бўйича шартномаларни тузишда қоғоз маълумотлар бериш тўхтатилган.
Таъкидланишича, идоралараро қоғозсиз алоқанинг жорий этилиши кўчмас мулк объектлари эгаларининг Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри бошқармасининг туман филиалларига мурожаат қилишларини бир неча бараварга қисқартиришга имкон беради ҳамда иш вақти ва ресурсларни тежайди.
Бундан ташқари, бу нотариал идоралар ва кадастр корхонаси филиалларида фуқаролар оқими ва навбатлар сонини камайишига олиб келади.
Шунингдек, электрон ҳужжат алмашинувнинг жорий этилиши кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларни ўтказиш механизмларини анча соддалаштиради, бу эса кейинчалик кўчмас мулк бозорида ноқонуний воситачи тузилмаларининг фаолияти чекланишига олиб келади.