Тошкентда кўпхонадонли уйлар учун яна “уй дафтарлари” жорий этилмоқда

Дата: 15:34, 03-07-2018.

Тошкент. 3 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон пойтахти Тошкентда кўпхонадонли уйлар учун яна “уй дафтарлари” жорий этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Кўпхонадонли уйларда яшовчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан тавсиявий тартибда ҳар бир хонадонга тегишли бўладиган №4 ва №5 формадаги рўйхат карточкалари эски тизим бўйича “уй дафтарлари”га алмаштирилмоқда”, - дейилади пойтахт ИИББ матбуот хизматининг хабарида.

Муассасанинг фикрига кўра, “уй дафтарлари”дан рўйхатга киритиш (прописка) ва рўйхатдан чиқариш билан боғлиқ масалаларни ечишда ҳамда газ, электр, сув ва иссиқлик таъминоти хизматларига, шунингдек, нотариат органларига ҳужжатларни тақдим этишда фойдаланиш қулай бўлади. Тошкентликлар “уй дафтари”ни китоб ёки газета маҳсулотлари сотиладиган чакана савдо дўконларидан олишлари мумкин.

Таъкидланишича, “уй дафтари” хонадон эгасида сақланади, кейинчалик оила таркиби ўзгарганда ёки нотариат органлари, уй жой коммунал хизматларига мурожаат қилинганда уни тақдим этишнинг ўзи кифоя қилади.

Қайд этилишича, №4 ва №5 формадаги рўйхат карточкаларни “уй дафтарлари”га алмаштириш тавсиявий характерга эга.

Сурат манбаи: https://zhilye.com/domovaya-kniga/

Янгилик билан ўртоқлашиш: