Тошкентда хакерлар учун илк турнирнинг яримфинали бошланди

Дата: 16:31, 07-07-2016.

Тошкент. 7 июл. ЎзТАГ – 7-9 июл кунлар пойтахтдаги Ёшлар ижодиёти саройида хакерлар ўртасида Cyber Security Challenge Uzbekistan конкурсининг яримфинали бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Яримфинал кибер-квест шаклида бўлиб ўтади. Барча вазифалар бир мавзу – ахборот тизимларидаги бўш нуқталарни аниқлаш ва жамият учун ҳаётий зарур бўлган ахборот таркибларини қутқариш йўналишида бирлаштирилади. Ҳар бир босқичда иштирокчилар уларни кейинги босқичга олиб чиқувчи вазифанинг калитларини топишлари зарур. Ҳар бир калит учун очко берилади. Вазифа қанча мураккаб бўлса, жамоа шунча кўп очко олади”, - деб таъкидлашди турнир ташкилотчилари.

Уч кун ичида жамоалар мусобақа ўтказиладиган жойни тарки этмасдан туриб кибер-квестдаги барча вазифаларни ечишлари керак. Иштирокчилар рақиблари ва вазифаларнинг асосий серверига хужум қилишлари мумкин эмас. Акс ҳолда улар турнирдан чиқарилиб юборилади. Вазифаларни муваффақиятли ечган иштирокчилар финал СTF-турнирига таклиф этилади. У ICTWEEK Uzbekistan-2016 ҳафталиги доирасида жорий йил сентябрда бўлиб ўтади.

Конкурснинг соврин жамғармаси – 30 млн сўм, шунингдек, ғолибларни ташкилотчи ва ҳамкорларнинг совринлари ҳам кутмоқда.

 Ушбу конкурс – киберхавфсизлик соҳасидаги мамлакатдаги илк мусобақадир. У ахборот технологиялари билан қизиқаётган ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган. Танлов 15-30 ёшлар орасидаги мутахассисларга мўлжалланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: